ФВВ Ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 31 январь куни соат 22:07 да Навоий вилояти ФВБ навбатчилик қисмига Навоий шаҳрида жойлашган “Бахт текстиль” МЧЖ корхонаси омборхонасида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Ҳолат бўйича зудлик билан Навоий шаҳар ФВБ ёнғин-қутқарув экипажлари соат 22:10 да воқеа жойига етиб борган. Олиб борилган ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 22:30 да қуршаб олиниб, 1 февраль куни соат 07:05 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса жойига 13 махсус техника ҳамда ёнғин-қутқарув экипажлари, “Тинчлик” ёнғин ўчириш поезди жалб этилган. Ҳодисада вафот этган ёки жароҳат олганлар йўқ.
Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар аниқланмоқда. Айни вақтда вазият юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.