Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Душанбе шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенгликка эришиш" мавзусида етакчи аёллар мулоқотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Ташриф давомида Нарбаева Тожикистон Республикаси Мажлиси милли Мажлиси Оли раиси Рустами Эмомали билан учрашди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий гуманитар, айниқса, парламентлараро мулоқотни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини жадал ривожлантириб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш бўйича қонунчилик даражасида қўшма ишларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Тожикистон Республикаси Мажлиси милли Мажлиси Оли ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. Унда парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувлар ижроси юзасидан қўшма парламент мониторингини амалга ошириш, халқаро парламент тузилмалари доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш масалалари қайд этилган.