Президент Матбуот хизматининг хабарига кўра, давлат раҳбари Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди.
Қайд этилишича, ФАО бош директори Ўзбекистон Президентини глобал миқёсда долзарб бўлган мавзудаги ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси муваффақиятли рўёбга чиққани ва тадбир юксак даражада ташкил этилгани билан табриклаган.

Учрашув давомида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган бугунги хавф-хатарларга қарши, хусусан, минтақа даражасида курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Аграр тармоқни ривожлантиришдаги номутаносибликлар, сув ресурсларининг танқислиги, қўшимча қиймат яратишнинг узун ва самарасиз занжирлари, логистикадаги узилишлар ва бошқалар барқарор ривожланиш учун асосий хатарлар сифатида қайд этилди.

Ўзбекистон ва ФАО ўртасида 2030 йилга қадар мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурига қишлоқ хўжалигини илмий тадқиқотлар ва инновациялар асосида модернизация қилиш, аграр соҳани рақамлаштириш, агроозиқ-овқат тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича қўшма тадбирларни киритишга келишиб олинди.