Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларус бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этган. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, тадбирда саноат ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, маданий-гуманитар, шунингдек, туризм ва транспорт каби соҳаларнинг вакиллари бўлган бизнес доиралар ва ишбилармон аёллар қатнашган.
Форум доирасида ташкил этилган ялпи мажлисни Танзила Нарбаева ва Беларус Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси кириш сўзи билан очиб берди.
Шунингдек, ялпи мажлисда тиббиёт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, тиббий кластерлар яратиш, озиқ-овқат саноати, автомобилсозлик учун кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлар билдирилди.
Форум сўнггида якуний ҳужжат (декларация) қабул қилиниб, унда савдо-иқтисодий, инвестиция, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари қайд этилди.
Қайд этилишича, икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида "Б2Б" форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 млн доллардан ортиқ миқдорда 42 та шартнома ва 17 та меморандумлар имзоланди.