Поиск
RUUZ

Общество

Президент Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этди — фото

Шавкат Мирзиёев иштирокидаги маросимда Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

108views0replies
22

president.uz

Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.
"Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак", - деди президент.
1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани яна бир бор ёдга олинди. Афсуски, тазйиқлар бу билан чекланиб қолмаган.
Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб юртдошларимиз адолатсизлик қурбони бўлган. “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан республикамиз бўйича 40 минг киши тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Давлат раҳбари Ўзбекистонга йигирма беш йил раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг буюк фарзанди Шароф Рашидов ҳам ўлимидан кейин сиёсий қатағонга учрагани аламли эканини айтди.
"Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганилаяпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак", - деди Шавкат Мирзиёев.
Бу даврга оид тарих янги топилаётган ҳужжатлар ва ашёлар билан бойиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича “Хотира” китоблари тайёрланди. Уларга 40 мингга яқин ватандошимиз тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Бу тўпламлар яқин вақт ичида чоп этилади.
108views0replies
22

Комментарии