Жорий йилнинг 26-27 август кунлари Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов давлат раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев билан биргаликда амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати.
Ташриф давомида Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Мулло Ҳамидулло Охунзода билан биргаликда "Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон" автомобиль йўналиши харитаси бўйича экспедиция бўлиб ўтди.

Икки томонлама мулоқот чоғида Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш учун халқаро транспорт йўлагини шакллантириш, икки давлатнинг транспорт логистика корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, халқаро автомобиль ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жумладан, Афғонистон ҳудуди орқали транзит ва юкларни бошқа йўналишларга олиб ўтишдаги чекловларни олиб ташлаш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар икки давлат ўртасида транзит юк ташишни ривожлантириш учун барча имкониятларни сафарбар қилишга келишиб олдилар.