Ўзбекистон Ҳукумати билан Қирғизистон Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома кучга кирди.
Жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Ҳукумати билан Қирғизистон Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома (Бишкек шаҳри, 2023 йил 27 январь) кучга кирди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ Ахборот хизмати.
Икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиш ўзаро келишувга кўра, 2023 йил 1 сентябр соат 00:00 дан бошлаб йўлга қўйилади.
Баённома билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилди.
Жумладан, бундан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Қирғизистонга кириш, ундан чиқиш ва транзит орқали бошқа давлатларга ўтишлари мумкин.