Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрининг Рудакий кўчасида жойлашган умумий овқатланиш марказида бир аёл ва унинг 3 нафар вояга етмаган набираси хот-дог истеъмол қилишган. Набиралар кечга яқин кўнгил айниши, тана ҳароратининг кўтарилиши ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Қайд этилишича, мазкур шифохонага жами 49 киши ётқизилган. Уларнинг барчаси шаҳар марказида жойлашган Fast Food марказида хот-дог истеъмол қилганидан кейин соғлиғида ўзгариш кузатилганини айтган.
“Овқатланаман деганди, биз ҳам пул берибмиз. Ўртоқлари билан хот-дог еган. Ўша куни кечқурун мазаси бўлмади. Иккинчи куни иситмаси 41 даражага чиқиб кетди”, — дейди бемор болалардан бирининг онаси.
Шифохонага келтирилган беморларнинг 29 нафарига уйига жавоб берилган. Қолган 20 нафари даволанмоқда. Уларнинг аҳволи анча яхши.
Ҳозирда мазкур овқатланиш шохобчаси фаолияти тўхтатилган. У ерда ишлатилган маҳсулотлар текширув учун олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, вилоятнинг Ургут туманида жойлашган тўйхонада 41 киши салатдан заҳарлангани ҳақида хабар бергандик.