Поиск
RUUZ

Общество

"Сувни асраб-авайлаш тарбиямизнинг ажралмас қисмига айланиши шарт" — Танзила Нарбаева

Сенат раиси сув билан боғлиқ кўп масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганини қайд этди.

114views0replies
0

Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида ушбу масала бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Қайд этилишича, республикада олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилиб, ҳар гектарга сув сарфи технологик илғор давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Ирригация тизимларидаги носозликлар туфайли экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор.
Қишлоқ хўжалигида суғоришда жуда катта миқдордаги сув фильтрация, буғланиш ҳамда ортиқча сув сарфи орқали йўқотилмоқда. Сувдан фойдаланишнинг эскирган усул ва воситалари ҳамон қўлланилмоқда.
Сувни бошқариш, ундан фойдаланиш соҳаси ҳамда сув хўжалиги объектлари тўлиқ рақамлаштирилмаган. Ичимлик сувидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш кенг тарқалган.
Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, рақамли ва илмий жиҳатдан асосланган тежамкор технологияларни кенг жорий этмасдан туриб сув муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.
Юзага келган муаммони зудлик билан билан бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳага тегишли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилган.
Ишчи гуруҳ томонидан, Сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш механизмлари ҳамда аниқ кўрсатиб ўтилган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
- Сенаторларимиз жойларда бўлиб, реал ҳолатни ўрганди, - деди Танзила Норбоева.
- Айтиш керакки, парламент сўрови доирасидаги ишлар ҳолати кутилганидек эмас. Оғир аҳволдаги Чирчиқ, Зарафшон, Оқдарё, Қашқадарё, Сангзор ва Қорадарё дарёларидан саноат миқёсида қум-шағал қазиб олишга мораторий эълон қилиш масаласи эътиборсиз қолдирилганини қандай тушуниш мумкин?!
Ҳудудларда қум-шағални фақат дарёдан олавермасдан бошқа жойлардан ҳам олиш мумкин, жумладан, тоғли ҳудудларда алоҳида саноат зоналарини ташкил этиш масаласини ҳал қилиш зарур.
Буларнинг барчаси алоҳида бир вазирлик ёки ҳокимлик томонидан эмас, балки кенгроқ даражада ҳал қилиниши керак бўлган масалалар.
"Агар мораторий эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, алоҳида саноат зоналари ташкил этиш қийин бўлса ёки сўровда кўтарилган бошқа муаммоларни ҳал қилишда реал қийинчиликлар бўлса, Ҳукумат буларни асослаб, очиқ айтиши, муқобил механизмлар устида бош қотириши керак эмасми?! Парламент сўровида кўтарилган масалаларни алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш орқали эмас, балки қандайдир идоралараро ҳужжатлар билан ҳал қилишга уринишни-ку мутлақо тушуниб бўлмайди. Ахир гап дарёлар, яъни сув ҳақида кетар экан, бу борадаги муаммо ечимини кейинга қолдириб бўлмайди. Зеро, бу муаммо, айниқса, бизнинг бугунги шароитимизда борган сари янада долзарблашиб боряпти. Бу ҳақда жамоатчилик ҳам, парламент ҳам, такрор-такрор гапирмоқда. Шу боис парламент сўровида кўтарилган масалалар ечими ҳал этилиши керак", -дея таъкидлади Сенат раиси.
114views0replies
0

Комментарии