Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда Nike бренди маҳсулотларини ишлаб чиқариш бошланди

Андижонда иш бошлаган корхона Nike бренди остида кроссовкаларни ишлаб чиқармоқда. Корхонада кунига 6000 жуфт оёқ кийим ишлаб чиқариш имконияти бор.

1015views1replies
0

t.me/uzcharmsanoat

Ўзбекистон корхонаси конвейерларидан Nike брендининг илк маҳсулотлари чиқарилиши бошланди. Бу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси Матбуот хизмати хабар берди.
Хитойлик инвесторлар томонидан 3 млн доллар эвазига Андижон вилоятида иш бошлаган Sino International хорижий компанияси ўтган 5 йил мобайнида Nike компанияси томонидан белгилаб берилган халқаро стандартлар хусусан, ишлаб чиқариш линияларини барпо этиш, ишчи-меҳнатчиларга муқобил шароитларни яратиш, бренд томонидан йўлга қўйилган сифат назоратларини тўлиқ бажариши натижасида бренд кроссовкаларининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилиши бошланди.
Бугунги кунда Sino International хорижий компаниясида 50 нафар ишчи ходим меҳнат қилади. Спорт пойабзалларининг таг қисмларини қуйиш ва устки қисимларини тайёрлаш линиялари ўз фаолиятини бошлаган.
Ўзбекистонлик мутахассисларнинг малака ва кўникмалари эса Nike компаниясининг Хитойдаги филиалидан келган технологлар, дизайнер ва бичувчилар томонидан оширилмоқда. Корхонада кунига 6000 жуфт кроссовка ишлаб чиқариш имконияти бор. Йил охирига келиб бу қувват 2 ҳисса ортиши режалаштирилган.
“Бундан беш йил олдин биз Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини ўрганиш ва ўз лойиҳаларимизни амалга ошириш учун келган эдик. Ўша вақтда мамлакатда инвесторларга яратилган шароит ва берилаётган имтиёзларни кўриб, бир нечта лойиҳани амалга оширишни мақсад қилдик. Улардан бири чарм-пойабзал саноатидаги лойиҳамиз эди. Бозорни ўрганиб чиқиб, халқаро брендларни Ўзбекистонга жалб қилишга қарор қилдик. Nike компанияси стратегиясига асосан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кроссовкалар Марказий Осиё, Покистон ва кейинчалик Европа бозорларига йўналтирилади”, — дейди Sino International хорижий компанияси раҳбари Ронгхуан Фан.
Nike трансмиллий компанияси спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш бўйича ҳар бир давлатга тегишли штрих код беради. Ўзбекистон ҳам ушбу штрих кодга эга бўлди. Бу дегани Андижондаги корхона бемалол Nike бренди томонидан яратилган барча моделдаги кроссовкаларни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эгадир.
1015views1replies
0

Комментарии