Жорий йилнинг 30 июль куни Қашқадарё вилояти, Чироқчи ва Кўкдала туманларида яшовчи 7 нафар шахслар Нуробод тумани, “Пўлат” маҳалласида яшовчи таниши М.М.нинг туғилган кунини нишонлаш мақсадида келиб, шу куни соат тахминан 17:30 атрофида “Пўлат” маҳалласи ҳудудидан ўтган Каттақўрғон сув омборига чўмилиш мақсадида боришиб, ушбу жойда бўлган қайиқ билан 7 нафар шахслар сув омборининг қирғоғидан тахминан 40 метр узоқликка сузиб боришиб, қайиқ устида фотосуратга тушиш мақсадида тартибсиз ҳаракатлар қилишганлиги сабабли, мувозанатни йўқотиб, қайиқ ағдарилиб кетган.
Натижада, қайиқда бўлган шахсларнинг 3 нафари қирғоққа сузиб чиқишган, қолган 4 нафар йигитлар эса чўкиб кетишган. Бу ҳақда UzNews.uz’га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Олиб борилган қутқарув ишлари давомида 1 нафар шахснинг мурдаси топилган, ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.