Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, 20 августдан бошлаб Тошкент вилоятида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун тарифлар оширилади. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.
20 августдан бошлаб ичимлик суви (1 куб.метр):
— Аҳоли учун – 1700 сўм (илгари 950 сўм);
— Бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 7000 сўм (илгари 4000 сўм).
Оқова сув хизмати (1 куб.метр):
— Аҳоли учун – 850 сўм (илгари 700 сўм);
— Бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун – 1850 сўм (илгари 1300 сўм).
Шунингдек, "Чимган-Чорбоғ сув таъминоти" МЧЖ ҳамда "Мусаффо оби-ҳаёт" МЧЖ томонидан истеъмолчиларга етказиб бериладиган ичимлик суви ва кўрсатиладиган оқова сув хизматлари учун ҳам нархлар оширилмоқда.
Аввалроқ, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифлари оширилган эди.
Шундай қилиб, 1 августдан бошлаб:
— Сурхондарё вилояти аҳолиси учун ичимлик суви тарифлари 1 куб метр учун 1150 сўмдан 2140 сўмга, оқова сув учун тарифлар 650 сўмдан 950 сўмга оширилди;
— Қашқадарё вилояти ичимлик суви учун тарифлар 1000 сўмдан 2000 сўмга, оқова сув учун эса 950 сўмдан 1000 сўмга оширилди.