Поиск
RUUZ

Криминал

Тошкент вилоятида 2 нафар ўқувчи қизни "пешеходда" уриб юборган Damas ҳайдовчиси 6 йилга қамалди

Ҳайдовчининг қизил чироқда ҳаракатланиши сабаб, жабрланувчи қизлардан бири вафот этган эди.

433views0replies
0

Аввалроқ, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Damas ҳайдовчиси икки нафар 14 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборгани ва улардан бири вафот этганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат жорий йилнинг 15 май куни содир бўлган. Аниқланишича, Damas ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган.
Вафот этган жабрланувчида бош суяги очиқ жароҳати, бош суяги асоси синиши, мияга қон қуйилиши, қорин бўшлиғи шикастланиши, тос суяги ўнг томонининг синиши, бош мия шиши, бутун тана бўйлаб кўкариш ва гематомалар аниқланган. Бундай жароҳатлар оғир жароҳатлар деб таснифланади ва ўлим ҳолати ЙТҲдан тўққиз кун ўтиб, шифохонада қайд этилган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур жиноят иши жорий йилнинг 24 июль куни ЖИБ Олмалиқ шаҳар судида кўриб чиқилган. Бу ҳақда "Олмалиқ ишчиси" газетаси хабар берди.
Суд-автотехника экспертизаси хулосасига кўра, Damas ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларига, хусусан, светофорнинг тақиқловчи чироғи, йўл белгилари ва чизиқларига риоя қилган ҳолда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имкониятга эга бўлган. Хабарга кўра, судда айбланувчи айбини тан олган.
Суд Damas ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузган ва бунинг натижасида бир инсоннинг ўлимига, иккинчисининг жароҳатланишига олиб келган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган деб топган.
Натижада ҳайдовчи ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, қоидабузар ҳайдовчи 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
433views0replies
0

Комментарии