Бугун, 24 июль Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг туғилгани куни муносабати билан Россия президенти Владимир Путин табрик йўллади. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
"Сиз Ўзбекистон фуқаролари орасида ғоят юксак обрў-эътиборга эгасиз, буни яқинда бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари ҳам тўлиқ тасдиқлади. Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатингиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлидан ишонч билан олға бормоқда, ўз манфаатларини жаҳон миқёсида самарали ҳимоя қилмоқда.
Мен яхши, ўртоқлик муносабатларимизни юқори баҳолайман. Икки томонлама, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттирамиз.
Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, чин қалбимдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик ва фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман", - дейилади табрикда.
Шунингдек, яна Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарига табриклар йўллашди.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззахда туғилган. Бу йил Ўзбекистон президенти 66 ёшга тўлди.