Тошкент вилояти Зангиота тумани Давлат хизматлари маркази ходими ўзганинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унга Тошкент туманида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 10 гектар суғориладиган ер майдонини жами 24 миллион АҚШ долларига сотиб олиб беришини айтади ҳамда ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи қарорни чиқартириб бериш эвазига келишилган пулдан 1,5 миллион долларини беришини талаб қилади.
ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 200 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган муқаддам судланган шахс фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, 2021 йилда Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллий қурилиш фирмага инвестиция киритиш дастури асосида кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидорга олиб бериш эвазига 2,5 млн. АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 200 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда юқоридаги икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга ЖКнинг 168-ҳамда 28 орқали 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.