Поиск
RUUZ

Экономика

Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Францияда ҳамкорлик масалалари доирасида қатор учрашувлар ўтказди

Томонлар Ўзбекистонга инвестициялар кўламини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги секторида қўлланиладиган қатор инновацион энергетик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишилди.

165views0replies
0

senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси шу кунларда расмий ташриф билан Францияда бўлди. Ташриф доирасида бир қатор учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар давомида Ўзбекистон-Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, ижтимоий, маданий-гуманитар, парламентлараро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, “Rothschild&Co” кузатув кенгаши аъзоси A. Ротшильд билан суҳбат чоғида томонлар халқаро инвестициялар соҳасидаги жорий тенденцияларни, уларни амалга ошириш истиқболларини, шу жумладан Ўзбекистоннинг асосий активларини хусусийлаштириш дастурларини амалга оширишда компаниянинг тажрибасини самарали қўллашни муҳокама қилди.
Ўз навбатида, Баронесса Ариэль Малар де Ротшильд “Rothschild&Co” молиявий гуруҳи Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга, иқтисодиётни ислоҳ қилишда, жумладан, камбағалликни тизимли қисқартириш масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида “Rothschild&Co” компанияси иштирокида давлат объектлари ва корхоналарини хусусийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида доимий ўзаро алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Делегация ташрифи доирасида “Total Eren” ижро этувчи вице-президенти Фабьен Демол билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Чиндан ҳам бугун бутун жаҳонда яшил энергетикадан кенг фойдаланиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Жумладан, “Total Eren” компанияси Самарқанд вилояти Нуробод туманида 100 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини муваффақиятли ишга туширгани ва бу минтақадаги флагман лойиҳага айлангани таъкидланди. Шунингдек, компаниянинг янги йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтиришга интилаётгани билдирилди.
Шунингдек, ташриф доирасида Франциянинг етакчи энергетика компанияларидан бири бўлган ва Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида лойиҳаларни амалга ошираётган “Voltalia” компаниясининг бош ижрочи директори C.Клерк билан учрашув бўлиб ўтди.
С.Клерк Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида амалга оширилаётган прогрессив ва барқарор ислоҳотларни кузатиб, компания мамлакатнинг энергетика тармоғига инвестиция киритишга қарор қилганини таъкидлади. Хусусан, бугунги кунда "Voltalia" компанияси Бухоро вилоятида 500 МВт қувватли, тахминий қиймати 500 млн доллар бўлган гибрид қуёш-шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда.
Суҳбат давомида француз компаниясининг Ўзбекистонга инвестициялари кўламини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги секторида қўлланиладиган қатор инновацион энергетик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Франция миллий мероси институти директори Ш.Персонназ билан ҳам мулоқот ўтказиб, унда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасида Франциянинг илғор тажрибасини татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланиб, хусусан, Франция Миллий мерос институтининг етакчи мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш, икки мамлакат етакчи экспертлари иштирокида маданий меросни ривожлантириш юзасидан қўшма амалий семинарлар ўтказишга урғу берилди.
Учрашув якунида Ўзбекистонда маданият ва санъат ҳамда моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, ўзбек археологлари ва реставраторларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ва уларнинг Франция Миллий мерос институтида илмий-техник билим олишлари борасида келишувга эришилди.
165views0replies
0

Комментарии