Давлат раҳбари лавозимига сайланганидан кейин илк хорижий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муқаддас Макка шаҳрига борди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 19 июль - ислом оламида бошланган ҳижрий 1445 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида давлат раҳбари эҳромга кириб, умра амалларини бажарди. Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиш шарафига муяссар бўлди.
Шавкат Мирзиёев Ислом дини арконларига мувофиқ Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилди. Ватан равнақи, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги, барча юртдошлар, ёш авлод бахт-у иқболи ва ёрқин келажагини тилаб дуолар қилинди.
Таъкидлаш жоизки, айнан шу куни Каъбанинг кисвасини алмаштириш маросими бўлиб ўтди.








