Аввалроқ, хонанда Каниза ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилиб, Instagram постларида номаълум фойдаланувчи уни мунтазам ҳақорат қилаётганини айтганди. Хонанда бу ҳақда ИИБга мурожаат қилгани, аммо ҳақорат қилган фуқарони қўлга олишга ҳам ҳаракат қилинмаётгани ҳақида айтди.
Шундан сўнг, ҳақорат қилган фуқаро қўлга олинган ва судга жалб қилиниб, иш судда кўриб чиқилган. Бу ҳақда Марказий студия дастурида маълумот берилди.
Қайд этилишича, мазкур фуқаро асли қашқадарёлик Тошкент давлат техника университетининг 20 ёшли талабаси экани аниқланди. У суд мажлисида қилган ишига иқрорлигини ва бундан пушаймон эканини таъкидлади.
“Менга масалан, кўпроқ жарима чиқариб бериш ёки қамоқ жазоси керак эмас. Бошқаларга ўрнак бўлса бўлди. Шундан кейин бизда ҳақорат қилишлар камайиб қолса, хурсанд бўламан. Мени ва ижодимни ҳақорат қилишса, бунга ижобий қарайман, лекин шахсий ҳаётим ҳақида гап кетганда, бунга чидолмайман”, — дейди хонанда.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туманида чиқарилган суд қарорига кўра, судлануви йигит МЖтКнинг 41-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 20 баравари (6,6 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.