Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Тошкентда бир гуруҳ аёллар кўчада ўзаро жанжаллашаётганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 июлга ўтар кечаси тахминан соат 00:40 ларда Чилонзор ва Учтепа туманлари ҳудудида жойлашган Заргарлик кўчасида бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашган.
Воқеа жойига етиб келган ИИО ходимлари фуқароларни тинчлантириб, ҳуқуқбузар шахсларни ИИБга олиб борган. Жанжал натижасида бир нафар фуқаро пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши жароҳати билан тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, сўнг уйига кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, текширув якуни бўйича айбдор шахслар аниқланиб, уларга нисбатан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.