Президент сайловнинг эртаси куниёқ белгилаб олинган мақсадларни амалга ошириш бўйича қатъий ҳаракатлар бошланганини маълум қилди.
"Биз улкан мақсадларни амалга ошириш бўйича ҳаракатларни бошладик. Чунки вақт, ҳаёт бизни кутиб турмайди. Даврнинг ўзи барчамизни тезкор бўлишга, керак бўлса, вақтдан ўзиб ишлашга ундамоқда.
Кимки "Сайлов ўтди – сафарбарлик тугади", деб ўйласа, хато қилади. Ҳақиқий сафарбарлик энди бошланади. Чунки халқимиз бизга ишониб топширган катта-катта режа ва дастурларни ўзимиз бажармасак, айтинг, четдан ким келиб бажариб беради?
Келгуси етти йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган стратегик мақсадларга эришиш учун бизда барча куч ва имкониятлар бор".
Шунингдек, давлат раҳбари демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттирилишини таъкидлади.
"Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз", – деди Мирзиёев.