Жорий йилнинг 12 июль куни соат 17:24 атрофида Қарши тумани ФВБ диспетчерлик хизматига "Тахтапул" МФЙ ҳудудидан ўтган ички йўлда ҳаракатланиб кетаётган қизил рангли КамАЗ русумли автомобиль ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Қашқадарё ФВБ Матбуот хизматининг хабар беришича, воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси жалб қилинган. Ёнғин соат 17:35 да қуршаб олиниб, соат 17:54 атрофида тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин оқибатида юк машинаси қисман зарарланган. Машина юкхонасига ортилган сомон боғлами (пресс) ёнган.
Аниқланишича, юк машинаси Косон тумани "Ширинобод" МФЙда яшовчи фуқаро С.Х. бошқарувида бўлган.
Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда,- дейилади хабарда.