Аввалроқ, ижтимоий тармоқда ИИО ходимлари бир фуқарони калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 июль куни Тошкент тумани ҳудуди “Ғишткўприк” божхона пости олдида Сирдарё вилоятида яшовчи 1965 йилда туғилган фуқаро ҳеч бир сабабсиз йўл ёқасидан ҳаракатланиб кетаётган ўзига бегона бўлган 40 ёшли фуқаронинг қорин қисмига ёнида бўлган пичоқ билан тўсатдан зарба бериб, тан жароҳати етказган.
Воқеа содир бўлган заҳоти ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент вилояти ИИББ ППХ ходимлари ушбу шахснинг олдига бориб, ундан зудлик билан ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилганларида фуқаро ходимларга ва атрофдаги бошқа фуқароларга ҳам қўлидаги пичоқ билан ташланиб, таҳдид қилган.
Шундан сўнг, ходимлар ушбу шахснинг атрофдаги бошқа фуқароларга ҳам шикаст етказишини олдини олиш мақсадида, хизматда фойдаланиш учун бириктирилган махсус резина таёғини ишлатиб, жисмоний куч қўллаган ҳолда қўлга олишган ва зарарсизлантиришган. Жароҳатланган фуқаро ходимлар томонидан тезлик билан шифохонага олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи фуқаронинг руҳий ҳолати юзасидан психологик экспертиза тайинланган.