Бугун, 10 июль куни ХДПдан номзод Улуғбек Иноятов, Экологик партиядан номзод Абдушукур Ҳамзаев ва “Адолат” СДПдан номзод Робахон Махмудова бўлиб ўтган сайлов натижаларига муносабат билдиришди.
Абдушукур Ҳамзаевнинг айтишича, партия бўлиб ўтган сайлов ва унинг натижаларини ҳаққоний деб ҳисоблайди.

“Биз сайловга пухта тайёргарлик кўрдик. Тарғибот ишларини самарали олиб борувчи 320 дан ортиқ тарғибот гуруҳларини шакллантирдик. Биз сайловда иштирок этиш орқали партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга ва аъзоларимиз сафимизни кенгайтиришга эришдик. Тарафдорларимизнинг ишончи бизга куч берди. Биз бундан кейин ҳам партиямиз мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламиз ва курашамиз. Сайлов натижаларини халқимизнинг хоҳиши ва танлови сифатида ҳурмат қиламиз ҳамда тан оламиз”, — дейди Абдушукур Ҳамзаев.
Шунингдек, сайловда 4,02 фоиз овоз тўплаб, 3-ўринни олган Улуғбек Иноятов ҳам сайлов якуни бўйича фикрларини билдирди.
“Партиямиз қонунчиликда кафолатланган барча имкониятлардан фойдаланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчилар билан учрашиб, ўзимизнинг сайлов олди дастуримизни кенг тарғиб қилдик. Сайловда фуқароларимиз ўзлари муносиб деб топган номзодга овоз беришди. Шу ўринда, менинг номзодимни қўллаб овоз берганларга миннатдорчилик билдираман.
ХДП эълон қилинган сайлов натижаларини асосли деб ҳисоблайди. Биз сайлов олди дастуримизда берган ваъдаларимизни амалга оширишга ҳаракатни ва сиёсий майдондаги курашувни давом эттирамиз. Келгуси йилда бўладиган парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловида алоҳида тайёргарлик билан қатнашамиз”, — дейди Улуғбек Иноятов.
Сайловда иккинчи ўринни олган ягона аёл номзод Робахон Махмудова ҳам сайлов юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди.
“Сайлов ташвиқоти давомида сайлов олди ташвиқотини эркинлик билан ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширдик. Ўз таклифларимизни кенг тарғиб қилишга эришдик. Биз мазкур cайлов натижаларини тан олган ҳолда унинг қонунга мувофиқ, адолатли бўлганини эътироф этамиз”, — дейди “Адолат” СДПдан номзод Робахон Махмудова.