Аввалроқ, Nemolchi.uz Telegram-каналида Тошкент вилоятида ИИБнинг собиқ ходими 13 ёшли қизни зўрлагани ҳақида хабар эълон қилинди. UzNews.uz'нинг пойтахт ИИББдаги манбаси воқеа ҳақиқатда содир бўлгани, ходим эса мазкур воқеа содир бўлишидан аввал ИИО ходими номига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун хизмат текшируви хулосаси асосида бўшатилганини маълум қилди.
Хабарда айтилишича, ҳодиса жорий йилнинг май ойи охирларида содир бўлган. Собиқ ходим 13 ёшли қизни Тошкент вилоятидаги дала ҳовлилардан бирига олиб бориб, жинсий алоқада бўлган. Қизнинг онаси бундан хабар топиб, ИИВга мурожаат қилган. Онанинг сўзларига кўра, эркак Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ ходими бўлган.
Мазкур ҳолат туман прокуратураси ўринбосари томонидан назоратга олинган. Эркакка нисбатан ЖКнинг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан иш қўзғатилган. Шунингдек, эркак судгача ҳибсга олинган.