"Адолат" СДПдан президентликка номзод Робахон Махмудова самарқандлик сайловчилар билан учрашувда сайловолди дастуридан ўрин олган саноат ва тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга оид ғоя ва мақсадларига алоҳида тўхталди.
У стандартларни такомиллаштириб, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўришни таклиф қилди.
Шунингдек, учрашув давомида экология ва атроф-муҳитни асраш мақсадида Ўзбекистонда “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларни асрашга бирламчи вазифа сифатида қараш, флора ва фауна дунёсига бой мамлакатда ўсимлик ва жониворларнинг қатор турлари аста-секин йўқолиб бораётганлиги, шу боис, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.