Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган Зармитан кони шахтасида икки эркак кон техникаси остида қолиб ҳалок бўлишгани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz'га хабар беришича, ҳодиса ҳақиқатда 28 июнь куни тахминан соат 03:30 ларда содир бўлган.
Маълум қилинишича, шу куни 2-маъдан юклаш пунктига бориб қайтаётган ер ости ўзиюрар машина оператори икки нафар номаълум шахсларнинг оғир тан жароҳати олган ҳолатдаги мурдасини кўриб қолган. Уларнинг эгнида кон ишчиларининг кийими ҳамда ёнларида 2 қопда жами 94 кг оғирликдаги маъдан тошлари бўлган.
Аниқланишича, улар конга таркибида олтин бўлган маъданли тошларни талон-торож қилиш учун ғайриқонуний равишда киришган.
Бирламчи маълумотларга кўра, ушбу номаълум шахсларни мазкур опеторнинг ўзи босиб кетган бўлиши мумкин. Сабаби, ўзиюрар машина кабинаси унинг ён томонида жойлашган ва марҳумлар машина ҳаракат йўналишининг қарама-қарши ён томони оператор кўриш радиусидан ташқарида қолган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Марҳумларнинг бири 1999 йилда, иккинчиси 2003 йилда туғилган йигитлар бўлган. Улар Қўшработ туманининг Майинтепа қишлоғида яшаган.
Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи аъзоларини ҳамда Қизилқум кон техника инспекцияси мутахассисларининг чиқиши таъминланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.