Поиск
RUUZ

Криминал

ДХХ қатор вилоятларда Қирғизистондан олиб келинган 14 кг "гашиш" савдосига чек қўйди — видео

Андижон, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида гиёҳвандлик воситаси савдоси билан шуғулланган шахслар ушланган.

166views0replies
0

Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Республиканинг қатор вилоятларида тезкор тадбир ўтказилган.
Хусусан, Андижон шаҳрида қирғизистонлик наркокуръерлар контрабанда йўли билан етказиб берган 9 кг 57 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, Фарғона шаҳри томон ҳаракатланмоқчи бўлган вақтида Олтиариқ туманида яшовчи 1971 йилда туғилган муқаддам судланган аёл ушланган.
Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси тўхтатилган.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 2 кг “опий” ва 550 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистон Республикасидан келтирилган ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Денов туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган шахс ҳам ушланган. Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқарога тегишли дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада, Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 1 кг 390 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, ушбу фуқаро 12 минг АҚШ долларига сотиб олинган наркотикни қайта сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда маҳаллий фуқаро 974 гр “гашиш” моддасини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган. Таъкидланишича, ушбу наркотик модда Қирғиз Республикасидан олиб келинган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан ДХХнинг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан ЖКнинг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
166views0replies
0

Комментарии