Аввалроқ, ижтимоий тармоқда юк машинанинг яримтиркамаси йўлда ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалди. Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 июнь куни соат тахминан 15:30 ларда Тошкент шаҳрида яшовчи ҳайдовчи CHACMAN / L3000 русумли юк автомашинасини Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга М39 автомобиль йўлининг 1010 км.да "Самарқанд-Тошкент” йўналишида йўлнинг довон қисмида ҳаракатланиб кетаётиб, ушбу юк автомашинасига уланган узун ўлчамли юкларни ташишга мўлжалланган яримтиркама узилиб кетган.
Натижада, ушбу яримтиркама йўлнинг довон қисмидан пастга қараб, 400-500 метр масофагача ҳаракатланиб тўхтаган.
Суриштирув давомида ушбу яримтиркама юк автомашинасига уланадиган қисмидан қўпорилиб кетганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва йўловчи автомашиналарга ҳам шикаст етмаган.