Поиск
RUUZ

Общество

Андижондаги 12 қаватли бинонинг "колонна"си оғганлиги аниқланди

Мазкур "дом"нинг қурилиш жараёнида бир қатор қоидабузарликлар аниқланган. Ҳозирда бино қурилиши тўхтатилган.

965views0replies
0

Ижтимоий тармоқларда Андижонда қурилаётган 12 қаватли турар жой биносининг сифатсиз қурилаётганлиги ва ушбу бинодан 4 метр масофада яшаш хонадонлари борлиги юзасидан мурожаат эълон қилинган эди. 
Ушбу ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳар А.Мусаев кўчаси 3-манзилда қурилаётган мазкур бино вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганилган. 
Кенгаш хулосасида ҳудудий ёнғинга қарши назорат хизмати томонидан юқоридаги лойиҳа ҳужжати талабларга мувофиқ ишлаб чиқилган, деб келишилган. 12 қаватли турар-жой биноси билан якка тартибдаги уй-жой биноси оралиқ масофаси 4.0-8.0 метргача сақланган ҳолда лойиҳаланган ҳамда "Sharq stroy ekspert" МЧЖ томонидан экспертиза хулосаси берилган.
Вилоят қурилиш Бош бошқармасига Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2021 йил 5 июлдаги хулосаси нотўғри берилганлиги сабабли 2022 йил 10 август куни инспекция томонидан тақдимнома (камчиликларга йўл қўйган масъулларга белгиланган тартибда чора кўриш, лойиҳа ташкилотини лицензиясини бекор қилиш ҳамда берилган АШК хулосасини бекор қилиш тўғрисида) киритилган. 
Инспекция томонидан ўтказилган назорат ишлари давомида мазкур кўп қаватли турар-жой биносининг Б-блоги 3-қавати "1-Г" ўқидаги юк кўтарувчи устун (колонна) конструкциясининг вертикалликдан 50-70 мм.га оғганлик ҳолати ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан инспекция томонидан жорий йилнинг 23 июнида қурилишни тўхтатиш тўғрисида ёзма кўрсатма берилиб, қурилиш ишлари тўхтатилган.
Объектда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик ҳамда пудратчининг ички назорати ходимларига МЖтКнинг 99-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўллаш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
965views0replies
0

Комментарии