Поиск
RUUZ

Общество

Жарима миқдори ундириладиган қарз миқдоридан ошмаслиги керак — қонун Сенат томонидан мақулланди

Қонуннинг қабул қилиниши ижро ҳужжатини бажармаганлиги учун қарздорга адолатли жарима солишга хизмат қилади.

236views0replies
0

senat.uz

Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида"ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб кўриб чиқдилди ва маъқулланди.
Ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Сенаторлар, агар қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган қарздорлик суммаси жариманинг энг кам миқдоридан ҳам кам бўлган бўлса-да, қарздорликка нисбатан юқори миқдордаги жарима тайинланиши ижтимоий адолат принципларининг бузилишига, бу эса қарздорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигига ҳамда мазкур ҳолат табиий равишда фуқароларнинг тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилиб, бу бартараф этилмоқда.
Хусусан, қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун қарздорга нисбатан адолатли жарима тайинланишига, Мажбурий ижро бюроси тизимида суиистеъмолчиликларнинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олди олинишига, шунингдек, назорат кучайтирилишига хизмат қилиши таъкидланди.
236views0replies
0

Комментарии