Аввалроқ, ижтимоий тармоқда бир эркак уйида аёлини аёвсиз дўппослаётгани акс этган видео тарқалди. Сурхондарё вилояти ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 18 июнь куни соат 17:00 лар атрофида Шўрчи тумани “Тўла” маҳалласида яшовчи Э.Х. турмуш ўртоғи Б.С.га яшаш уйининг томорқасига экилган макканинг ўтини олишни бир неча бор айтган. Бироқ, турмуш ўртоғи Б.С. “огородинга кирмайман, менга макка керак эмас!", деб, гап қайтарган.
Шундан сўнг, Э.Х. жаҳли чиқиб, қўли билан урган, Б.С. яна гап қайтаравергандан сўнг, супада турган электр сими билан Б.С.нинг баданига уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан, ҳозирги вақтда профилактика инспектори томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва қонуний қарор қабул қилиш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юбориш чоралари кўрилмоқда.