Тошкент вилоятида божхоначилар томонидан травматик патронларнинг ноқонуний олиб кирилиши ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Хусусан, "Ғишт-Кўприк" чегара постида Toyota автомашинасида Ўзбекистон ҳудудига кириб келган йўловчининг қўл юки текширилди. Фуқаронинг сумкасидан божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки декларациядан ўтказилмаган 150 дона "ТEМП 10х28" патронлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур факт юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси огоҳлантиради, ЖКнинг 246-моддасига биноан божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз ўқ-дориларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кириш контрабанда жинояти ҳисобланиб, божхона чегарасидан ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ушбу модда 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.