Самарқандда ДХХ ва вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс танишлари орқали Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи икки фуқарони "Ўзбекистон – Испания – Мексика – АҚШ" йўналишида Қўшма Штатларга юбориш эвазига 44 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Бу ҳақда ДХХ Ахборот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Канада давлатига ишга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 7,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари мансабдор танишлари орқали 3 нафар фуқарони Польша давлатига ишлаш учун юбориш эвазига 5100 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс Музработ туманида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқарони тегишли виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Канада давлатига ишга юбориш эвазига 138 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.