ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабарига кўра, 38 ёшли И.У. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, 36 ёшли М.Б. ва 30 ёшли М.Э.га нисбатан чора кўришни сўраган.
Маълум бўлишича, икки фуқаро ундан "кўчада тинч юриши" учун пул талаб қилган, акс ҳолда улар аризачининг мулкига зарар етказиш ёки уни беришга мажбурлаш билан таҳдид қилишган.
Жабрланувчи уларга 2022 йил декабрь ойидан 2023 йил февралигача 58 миллион сўм тўлаб берганига қарамай, уни тинч қўймасликларини, транспорт воситасини олиб қўйишларини айтиб, ундан яна 10 минг доллар талаб қилишган.
Мазкур ариза асосида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаролар М.Б. ва М.Э. аризачидан керакли суммани олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Гурлан тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан М.Б. ва М.Э.ларга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми "б,в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу шахсларга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.