Бугун, 14 июнь куни соат 09:50 атрофида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани "Астробод" кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб чиқариш цехининг бир қаватли бостирмаси (ангар)да портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ахборот хизмати ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот берди.
Портлаш натижасида цехнинг том қисми конструкцияларининг қулаб тушиши ва 50 кв.м майдонда ички қисми ва дастгоҳларининг ёнишига олиб келган.
Воқеа жойига ФВВ ва шаҳар ФВБ раҳбарияти бошчилигида ёнғин-қутқарув экипажлари, шунингдек, Прокуратура, ИИВ, МГ, ССБ, Ҳудудгаз ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган. Ҳозирда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
"Ҳодиса оқибатида 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган ва 14 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган", — дейилади хабарда.