Ижтимоий тармоқларда электробус ҳайдовчиси йўналиш вақтида қувиб ўтиш қоидасини бузиб Спарк автомобили ҳаракатига хавф солганлиги акс этган видео тарқалган эди. Ҳолат юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати расмий маълумот берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 22 май куни соат 16:15 атрофида 72-сонли йўналишда ҳаракатланувчи Yutong русумли электробус ҳайдовчиси (1976 йилда туғилган) йўналиш вақтида қувиб ўтиш қоидасини бузиб, ҳаракатланган.
Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилган. Унга кўра, электробус ҳайдовчиси С.Т.га нисбатан ўрнатилган тартибда МЖтКнинг 128-5-модда (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) 2-қисмига мувофиқ, маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Маълумот ўрнида, ушбу ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.