Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ хабарига кўра, кеча 12 июнь куни соат 14:30 атрофида "Нукус – Чимбой – Тахтакўпир" 4Р-176 автомобиль йўлининг 43 ва 44-километрлари оралиғида ўлим билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди.
Фуқаро Р.Т. бошқарувидаги Labo автомашинаси ҳамда қарама-қарши йўлакда ҳаракатланиб келаётган фуқаро Б.М. бошқарувидаги Lacetti автомашинаси тўқнашиб кетган.
Тўқнашув натижасида Labo ҳайдовчиси ва Lacetti йўловчиси олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган. Lacetti ҳайдовчиси ва вояга етмаган йўловчиси Кегейли тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми "а" банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.