Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро 2019-2022 йилларда Россия Федерациясида меҳнат мигранти сифатида ишлаган. Ўша вақтда интернет тармоғи орқали террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимлар ғоявий раҳнамолари бўлган Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий, Маҳмуд Абдулмўмин ва бошқаларнинг "ҳижрат" ва "жиҳод" қилишга ҳамда исломий давлат қуришга чорловчи маърузалари билан танишиб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.
Сўнгра ўзининг мобиль телефони орқали Instagram'да профиль очиб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқата бошлаган.
Шунингдек, у Telegram'да ҳам "Ҳизб ут-Таҳрир" террористик ташкилоти вакиллари билан алоқа ўрнатиб, ташкилот ғоялари сингдирилган ва амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қилувчи материалларни тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланган.
Бундан ташқари, YouTube тармоғидаги "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотининг тарғиботчиси билан боғланиб, унинг фаолиятини фаоллаштириш учун банк иловаси орқали пул маблағи юборган.
2022 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин ҳам у ғайриқонуний ҳаракатларини давом эттирган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
ЖИБ Яккабоғ туман судининг ҳукми билан, мазкур шахс ЖКнинг 155-3, 159 ва 244-1-моддалари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.