Ўзбекистон дунёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларидан бири бўлиб, сўнгги ўн йил ичида иқтисодий ўсиш ўртача 8 фоизни ташкил этди. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг 17,5 фоизини ташкил қилиб, мамлакатда асосий бандлик манбаи ҳисобланади. Жами 36 миллиондан ортиқ аҳолининг 15 миллионга яқини қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилади. Бироқ, қишлоқ аҳолисининг катта қисми тўлиқ иш билан таъминланмаган ва қишлоқ хўжалиги ишчиларининг 80 фоизи норасмийдир. Бу қишлоқ хўжалигида бандликни таъминлаш, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун яхши даромад ва турмуш шароитини яратиш учун юқори салоҳиятга эга эканлигини кўрсатади.
Жаҳон банки томонидан йиғилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 50 фоизи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади ва бу қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Ўзбекистон учун устувор йўналиш эканлигини кўрсатади. Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш нафақат Ўзбекистондаги бир неча миллион аҳолининг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилашга олиб келади, балки муҳим иқтисодий соҳани мустаҳкамлайди ва бутун мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ёрдам беради.
Барча учун адолатли озиқ-овқат тизимлари
Европа Иттифоқи ҳам ўз кун тартибида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни устувор йўналиш сифатида белгилаб олган. Унинг яқинда эълон қилинган Ўзбекистон учун 2021-2027 йилларга мўлжалланган янги Кўп йиллик индикатив дастурига кўра, “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси катта ўсиш ва экспорт салоҳиятини намоён этмоқда ҳамда қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш, муносиб иш ўринлари яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бироқ, ишлаб чиқарувчиларнинг катта қисмини ташкил этувчи деҳқон хўжаликларининг бозорга кириши ва рақобатбардошлиги чекланган. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноатида, айниқса, қишлоқ аёллари ва ёшларини иш билан таъминлаш салоҳияти катта”.
2020 йилда Европа “Яшил Битими” тасдиқланганидан бери Европа Иттифоқининг иқлим нейтраллигига ҳисса қўшиш, айланма иқтисодиётни ўрнатиш ва биологик хилма-хиллик ва иқлимга мос деҳқончиликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадлари мустаҳкамланди. Европа “Яшил Битими”нинг марказида “Фермадан вилкагача” стратегияси ётади. Бу озиқ-овқат тизимларини адолатли, соғлом ва экологик тоза қилишга қаратилган жорий ўн йиллик учун Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бўйича стратегик режасидир. Шу боис Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тараққиётини рағбатлантириш Европа Иттифоқининг “Яшил Битими” ва “Фермадан вилкагача” стратегиясига, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига, жумладан, очарчиликни бартараф этиш ва иқтисодий ўсиш, 2030 йилгача барча аёллар ва эркаклар учун муносиб меҳнат, тўлиқ ва самарали бандликни таъминлаш каби мақсадларига мос келади.
Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқишда техник ёрдам кўрсатди ва уни жорий этишда қўллаб-қувватламоқда. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар қаторида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, замонавий қишлоқ хўжалиги амалиётини ўргатиш, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳам бор. Деҳқонларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида аёллар
Қишлоқ хўжалигида иш ўринлари яратиш қишлоқ аёллари, ёшлари ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қамраб олиши мумкин. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда аёлларнинг ўрни катта. Шундай экан, гендер тафовутини бартараф этиш қишлоқ хўжалиги ривожланишининг муҳим омили бўлади.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда айнан аёлларга қаратилган турли ривожланиш лойиҳаларини биргаликда молиялаштириб келади. Европа Иттифоқи томонидан 15 миллион евро миқдорида молиялаштирилган янги Чорвачилик соҳасини ривожлантириш лойиҳаси чорва маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, деҳқонлар ва агрофирмаларга кредитлар олиш ва малака ошириш имконини берди. 2017-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида аёллар учун 1302 та янги иш ўрни яратишга ёрдам берди. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун Европа Иттифоқининг кўмаги, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида анъанавий иш ўринларига муқобил бўлган аёллар ва эркаклар учун жозибадор янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради.
Диверсификация ва бандлик имкониятлари
Барқарор озиқ-овқат тизими ва соғлом, мустаҳкам қишлоқ хўжаликларини яратишнинг яна бир муҳим омили ишлаб чиқаришни диверсификация қилишдир. Соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат харажатларининг босқичма-босқич ўзгариши аллақачон ўз самарасини бермоқда: пахта ва ғаллага бўлган олдинги эътибор қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларининг кенгроқ турларини қамраб олишга ўтмоқда.
Адриан Нил, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва соҳа билимларини ошириш дастурининг гуруҳ раҳбари: “Биз маълум бир минтақада энг яхши ўсадиган нарса, хизматлар интеграциясини қандай бошлаш мумкинлиги ҳақидаги ҳақиқатан ҳам фойдали маҳаллий билимлардан фойдаланмаяпмиз. Бу эса, табиий жонли қишлоқ иқтисодиёти қўллаб-қувватлай бошлайдиган бутун диверсификация ва тадбиркорлик имкониятларига тўсиқ бўлади”.
“Фермадан вилкагача” стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш стратегиясининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида кўпроқ диверсификация қилиш мақсадига мувофиқ равишда, Европа Иттифоқи деҳқонларни, таълим ва тадқиқотларни жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашни диверсификация қилишни рағбатлантиради. Бу, айниқса, деҳқон хўжаликларининг янги, кўп тармоқли бозорларга чиқиши ва молиялаштириш имкониятларига эга бўлганликлари сабабли уларнинг турмуш даражасини оширади. Хусусан, Европа Иттифоқи кўмаги чорвачилик, боғдорчилик ва сув хўжалигини ривожлантириш, касб-ҳунар ўргатиш ва асосий бошқарув органларининг салоҳиятини оширишга молиявий ёрдам кўрсатди, буларнинг барчаси қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришни рағбатлантиради. Бундан ташқари, ЕИ қишлоқларда давлат хизматларини ривожлантириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, илғор тажрибалар, техник маслаҳат ва билим алмашишни молиялаштиришда ёрдам беради.
Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан биргаликда молиялашаётган фаолиятлардан бири бу “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида иш билан таъминлаш учун кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳасидир. ЮНEСКО томонидан 2020-2024 йилларда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилган лойиҳа учун Европа Иттифоқи 10 миллион евро ажратди. Лойиҳа қишлоқ ҳудудларида бандликни яхшилаш орқали турмуш даражасини оширишга қаратилган. У Ўзбекистондаги аёллар ва эркакларни касбий таълим орқали барқарор, диверсификацияланган ва модернизация қилинган қишлоқ хўжалиги учун тегишли кўникмалар билан таъминлашга ёрдам бермоқда.
Замонавий чорвачилик орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш
Бу жиҳатларнинг барчаси Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси учун айниқса долзарбдир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу Ўзбекистоннинг энг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, мамлакат қишлоқ хўжалиги ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмини ташкил қилади. Муҳими, Ўзбекистонда чорвачилик маҳсулотларининг энг катта улушини кичик деҳқон хўжаликлари ташкил этади. Шу боис деҳқон хўжаликларини чорвачилик қиймати занжирига киритиш (масалан, сут ва гўшт ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, паррандачилик, асаларичилик ва бошқалар) Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланадиган асосий лойиҳалардан биридир. Бугунги кунга қадар 1000 дан ортиқ деҳқон хўжаликлари Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳалардан бевосита фойда кўришди.
Ўзбекистон ҳукуматининг Чорвачилик соҳасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Европа Иттифоқи 2017-2022 йиллар оралиғида таълим учун 15 миллион евро ажратди. Бу грант бенефициарларга, жумладан, деҳқон хўжаликлари, тижоратчи фермерлар ва агробизнесларга молия, чорвачилик соҳасидаги технологиялар ва бозорлардан фойдаланиш имконини берди. Натижалар аллақачон кўзга ташланмоқда: ишлаб чиқариш, маҳсулдорлик ва даромадлар ортиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати яхшиланиши, янги ва яхшироқ ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилиши. Бенефициарлар томонидан жами 20 396 та янги иш ўрни яратилди. Бундай бандлик имкониятлари қишлоқ ҳудудларининг жозибадорлигини янада оширмоқда. Шунингдек, “Фермер хўжалиги ишлаб чиқаришини самарали ташкил этиш омиллари” мавзусидаги тренингда жами 325 нафар бенефициар иштирок этди.
Кредитлардан фойдаланишни таъминлашдан ташқари, Европа Иттифоқи гранти турли хил таълим имкониятларини тақдим этди. Жумладан, у Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва агробизнесларнинг 209 нафар ходимларини сиёсат ва тартибга солиш масалалари бўйича ўқитиш имконини берди. Яна 518 нафар иштирокчи экология, ижтимоий ва гендер масалаларига бағишланган икки кунлик тренингда қатнашди. Ниҳоят, 14 нафар фермер ва давлат хизматчилари Германияга олти кунлик ўқув сафарига боришди.
Чорвачиликни ривожлантириш лойиҳасининг бенефициарларидан бири Бухоро вилоятидаги Agrohouse Village” ем-хашак хўжалиги бўлди. Улар Европа Иттифоқидан 60 870 евро миқдорида грант олишди ва бу уларга янги ускуналар сотиб олиш ва янги кўникмаларни ўрганиш имконини берди. Ҳар ўрим-йиғим мавсумида Agrohouse Village” 120 та деҳқон хўжалигига техника ижарага беради, шунингдек, 25 дан ортиқ фермерларга 80 тоннага яқин ем-хашак етказиб беради.
“Лойиҳада бенефициар сифатида иштирок этиш нафақат замонавий ва инновацион технологияларни қўлга киритиш, балки билим ва кўникмаларимизни ошириш имконини берди. Ўқув машғулотларида тўйимлироқ ва калорияли озуқа тайёрлашнинг янги усулларини ўргатишди”, – дейди Agrohouse Village” бош раҳбари Ўткир Шодихонов.
Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжаликлари
Қишлоқ аҳолиси учун турли хил даромад манбаларини рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратишни рағбатлантириш, қишлоқларда давлат хизматлари ва касбий таълим имкониятлари орқали фермерларни қўллаб-қувватлаш — буларнинг барчаси барқарор қишлоқ хўжаликларини яратиш мақсадида амалга оширилади.
“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат соҳасини ривожлантириш стратегияси доирасидаги устувор йўналишлардан бири қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришдир, бироқ у бироз эътибордан четда қолиб кетган”, – дейди Адриан Нил.
Охирги бир неча йил ичида Европа Иттифоқи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ўзбекистонлик фермерлар ва агробизнеслар билан ёнма-ён ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистонда қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришни қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларининг илк самаралари кўзга ташланмоқда, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича бошқа кўплаб лойиҳалар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида истиқболли натижаларни кўрсатмоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида