Поиск
RUUZ

Происшествия

Тошкент вилоятида яна бир фуқаро тергов вақти вафот этди

Гумонланувчи махсус сўров хонасида эмас, хизмат хонасида бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича сўроқ қилинган. Марҳумнинг танасидан тан жароҳатлари аниқланган.

475views0replies
0

UzNews.uz

ИИВ Матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган У.С. Бўка тумани ҳудудида бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланган. У ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган.
Гумонланувчи У.С. 4 июнь куни соат 19:00 да ЖПКнинг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги "Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси"га жойлаштирилган.
Шу куни соат 23:30 атрофида гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли ТТЁ чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан воқеа жойига чиқиб, ҳолат ўрганилган.
Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00 ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят-қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.
Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.
Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ИИО тизимидан бўшатилган.
Шунингдек, вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсалар-да, марҳум У.С. танасида тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертизаси тайинланган. Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ҳамда унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади,- дейилади хабарда.
475views0replies
0

Комментарии