2023 йил 4 июнь куни "Ҳаж-2023" тадбири доирасида Тошкент-Мадина йўналиши бўйича илк парвоз амалга оширилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 4-19 июнь кунлари Мадинага Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудий халқаро аэропортларидан, жумладан Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарларидан "Ҳаж-2023" тадбири доирасида 15 000 нафар зиёратчилар учун йўловчи авиаташувлари режалаштирилган.
Қатновлар Uzbekistan Airways АЖ томонидан амалга оширилади. 2023 йил 4 июлдан 22 июлгача қайтиш авиақатновлари Жиддадан Ўзбекистон шаҳарларига режалаштирилган.
Маълумот учун, Дин ишлари бўйича қўмита берган баёнотга кўра, бир нафар зиёратчига тўлов миқдори жамоатчилик кенгаши қарорига асосан 68 миллион 760 минг сўм этиб белгиланди.