Поиск
RUUZ

Политика

Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилади

Халқаро тадбир давомида инвестиция, таълим, туризм ва бошқа йўналишларда бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани қайд этилди.

201views0replies
0

Жорий йилнинг 16–20-октябрь кунлари Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилиши белгиланди.
Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон томонидан ташкилий қўмита ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Мадридга ташриф буюрди. 
Ташриф давомида Азиз Абдуҳакимов UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили ва бўлажак Бош Ассамблеянинг тадбирларини ўтказиш учун масъул бўлган ишчи гуруҳлар аъзолари билан учрашди
Учрашувда тадбирларнинг дастлабки дастури, ташкилий масалалар, ялпи ва сессия мажлислари учун таклиф этилаётган кун тартиби ва регламенти муҳокама қилинган.
Жумладан, тадбир доирасида Инвестиция форуми, Таълим бўйича вазирлар панели сессияси, "Европа Иттифоқи – Марказий Осиё" туризм форуми, экотуризм фестивали, энг яхши "сайёҳлик қишлоқлари"ни тақдирлаш маросими ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилганлиги қайд этилди.
Қолаверса, UNWTO Бош котиби З.Пололикашвилининг 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Республика ҳукумати томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши, жумладан, Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академиясининг очилиши, Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" ҳудудий тематик офиси, "Ипак йўли" халқаро туризм мукофотини таъсис этиш ва бир қатор бошқа масалалар борасида ҳам фикр юритилган. 
З.Пололикашвили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеянинг 25-сессияси мамлакат ва жаҳон туризм саноатида тарихий воқеа бўлиши учун барча ишни қилишини таъкидлади.
Мазкур тадбирларга нафақат UNWTO'га аъзо 150 га яқин давлатнинг расмий делегациялари, балки халқаро ташкилотлар раҳбарлари, йирик сайёҳлик компаниялари директорлари ва инвесторларни ҳам жалб этиш режалаштирилган.
Учрашув якунида, "UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида"ги Битим имзоланган.
201views0replies
0

Комментарии