Қайд этилишича, Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида яшовчи 23 ёшли йигит тижорат банкларидан бирида ғазначи лавозимида фаолият олиб борган. У нафақаларни ўзининг шахсий автомобилида тарқатиб, 3 ой давомида пулларни ўзлаштириб келган.
"Нафақа тарқатишда 2 та Damas бўлгани учун машина етишмовчилиги бўлар эди. Ўзимизни шахсий машиналарда юриб тарқатганимизда 15-20 млнга яқин камомад аниқланди. Кейин уни тўғирлаш учун базадан уриб, кассага чиқарганмиз. "Шапка" қилиб юрганимиз учун пуллар кўпайиб кетди, бошида 15-20 млн эди",- дейди гумонланувчи.
Аниқланишича, гумонланувчи нафақаларни эгаларига етказишдаги муддат узоқлашиб кетмаслиги учун, кимнидир ҳаққини кимгадир бериб, "шапка" қилиб юрган. Сўнгра фуқаролар 2-3 ой давомида ҳам нафақа пулларини олмаганлиги сабаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Таъкидланишича, 48 нафар фуқароларнинг жами 40 млндан ортиқ ёшга доир нафақа пуллари ва болалар пулларини ўзлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.