Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда 11 ёшли қизнинг ўлимида айбдор бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

Судланувчи Lacetti автомашинасида ҳаракатланиб келаётиб Cobalt'нинг орқа қисмига бориб уриши натижасида Cobalt салонида бўлган 11 ёшли қизча ЙТҲ қурбони бўлган.

446views0replies
0

Видеодан кадр

Аввалроқ, 11 ёшли қиз ЙТҲ сабаб вафот этгани ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Автоҳалокат 2022 йилнинг 18 декабь куни соат 17:30 атрофида Чилонзор туманининг "Чўпонота" кўчасида содир бўлган. 1983 йилда туғилган У.Т. Lacetti автомашинасини бошқариб келаётиб йўл четидан орқага ҳаракатланаётган, 1960 йилда туғилган М.А. бошқарувидаги Cobalt автомобилининг орқа қисмига бориб урилган.
ЙТҲ оқибатида, Lacetti ҳайдовчиси У.Т, Cobalt ҳайдовчиси М.А. ҳамда унда бўлган 2011 йилда туғилган йўловчи М.М. тан жароҳатлари олган. Cobalt автомашинаси салонида бўлган 11 ёшли қиз кўрсатилган ёрдамга қарамасдан ЙТҲ сабабли вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Чилонзор тумани судида кўриб чиқилди, дея хабар берди Тошкент шаҳар судлари Ахборот хизмати.
"Бирданига орқадан машина келиб урилди. Ўша вақт нима бўлганини тушунмай қолдим. Кейин орқага қарасам, қизим ётибди. Қизим 4-5 соат "операция"да қолиб кетди. "Кома"да ётди, лекин кўзини очмади", - деди марҳуманинг онаси.
Суд жараёнида маст ҳолда транспорт бошқарган ҳайдовчи эса айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди.
"Пушаймонман, айбимга тўлиқ иқрорман. Менинг ҳам 3 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Имкон бўлса, тиз чўкиб кечирим сўрайман. Мен бу нарсага сабабчи бўлиб қолдим", - деди судланувчи.
Суд ҳукмига кўра, ҳайдовчи ЖКнинг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб ва 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан ҳамда 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Судланувчидан жабрланувчи фойдасига 39 801 112 сўм ундирилиши белгиланди.
446views0replies
0

Комментарии