Бугун, 30 май куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI съезди бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев ўз дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Қайд этилишича, дастур бешта мақсадни қамраб олган бўлиб, биринчи мақсад – “ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш”дан иборат.
Ушбу мақсадга эришиш учун мактабгача ва мактаб таълимини юқори босқичга олиб чиқиш бўйича янги дастурларни амалга ошириш, 2030 йилгача мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, қамровни 100 фоизга етказиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатларини давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Дастурнинг иккинчи мақсади – “Одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш”дан иборат. Ушбу йўналишда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириб, мамлакатни “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киритиш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, Саноатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш, экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириб, 45 миллиард долларга етказиш каби вазифалар белгилаб олинган.
Учинчи мақсад – “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш”га қаратилган. Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни келгуси етти йилда 1,6 млн дан 2,3 млн гектарга, республикада кўкаламзорлик даражасини 30 фоизга етказиш, янги уй-жой қуришда пудратчиларга “яшил ҳудуд” ва автотураргоҳ бўлиши ҳақида талабни қўйиш, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш назарда тутилган.
Тўртинчи мақсад – “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”дан иборат. Фуқароларни “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиётини камайтириш ва бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш, шунингдек мазкур масалада судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Бешинчи мақсад – “Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат”. Дастурда Қуролли Кучларнинг қудрати, мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Миллий армияни 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда.