Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Наманганда ИИБ ходимлари икки нафар фуқаронинг қўлига кишан тақиб, олиб кетишаётгани акс этган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, 27 май куни соат 00:10 да тунги хизматга жалб қилинган Учқўрғон тумани ИИБ профилактика инспекторлари тумандаги "Саноат" МФЙ Чинор кўчасида жойлашган компьютер ўйинхонасини олдидан ўтиб кетишаётган вақтда, ушбу жойда 10 нафардан ошиқроқ фуқаролардан 2 нафари жамоат тартибини ҳамда фуқаролар тинчлигини бузиб, жанжал кўтараётганларига гувоҳ бўлишган.
Ходимлар томонидан йигитларни тартибга чақириш мақсадида мурожаат қилинганида, 1998 йилда туғилган икки йигит — Б.И. ва Т.Т.лар ИИБ ходимларини қонуний талабларини бажармай, фаол қаршилик кўрсатиб, ҳуқуқбузарликларини давом эттиришган.
Шу сабабли йигитлар қонуний тартибда туман ИИБга олиб келиниб, уларга нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органи ходимнинг қонуний талабини бажармаслик) билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.