ИИВ Тезкор-қидирув департаменти томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга экспорт қилувчи тадбиркорлардан бадал тўлашни талаб қилиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди, дея хабар бермоқда ИИВ Ахборот хизмати.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида рўйхатдан ўтган МЧЖ масъул ходимлари, 2018 йилдан буён Россия федерациясининг Москва шаҳрида фаолият юритувчи ташкилот вакиллари экспорт тариқасида юборилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳар бир кг.дан олинган фойда ҳисобидан 40 центдан бадал тўлашни тайинлаб, турли тазйиқлар ўтказиб келаётганликларини маълум қилишган.
Мазкур гуруҳ май ойининг учинчи ҳафтаси давомида РФга юборилган маҳсулотлардан келиб тушган фойдадан жами 15 минг 126 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилишган.
2023 йил 23 май куни ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати Коррупция ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган ресторанда талаб қилинган пулларни товламачилик йўллари билан олган гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти томонидан ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб гумонланувчилар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган.