Поиск
RUUZ

Общество

Сўнгги 4 ойда ЙТҲ натижасида 500 нафар фуқаро ҳалок бўлган

Сенат йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликларни танқид қилди.

121views0replies
0


Бугун, 26 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида Президент қарорига мувофиқ, автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш борасида вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланишича, 2022 йилда 9902 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳамда уларда 9606 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2356 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2023 йилнинг 4 ойи давомида эса 2144 та йўл-транспорт ҳодисасида 499 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Умуммиллий дастурда кўзда тутилган айрим вазифалар ижроси ҳам ўз вақтида таъминланмаганлиги айтилди. Хусусан, 26 та вазифа ижроси белгиланган муддатда амалга оширилмаган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-чорак якунига қадар муддати келган 5 та топшириқ ижроси таъминланмаган.
Жумладан, Андижон, Фарғона, Бухоро, Навоий вилоятларида қоидабузарликларни қайд этувчи фото ва видео мосламаларни (камералар) ўрнатиш, уларни вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилиш, йирик бозорлар атрофида кўп қаватли ёки ер ости автотураргоҳлари ҳамда автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш каби топшириқлар ижро этилмаган.
Таҳлиллар давомида аниқланишича, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларни сақлашда ҳамон бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифларни берди.
Хусусан, бу борада сусткашликка йўл қўяётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мутасаддилари фаолиятига баҳо бериш масаласини кўриб чиқиш, ҳудудий комиссиялар томонидан ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиш каби масалалар шулар жумласидандир.
Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

121views0replies
0

Комментарии