Таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган "Ўзбекистон халқ артисти" Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қ.Дўстмуҳаммедова 1946 йил 25 октябрь санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини (ҳозирги Санъат ва маданият институти) тамомлаган.
Қ.Дўстмуҳамедова лирик раққоса, рақслари нафис ва жозибали ҳаракатларга бойлиги билан ажралиб туради. "Гўзал", "Тонг маликаси", "Гўзал тонг", "Интизор", "Бухоро юлдузи", "Севги таронаси", "Нозли" каби замонавий, шунингдек, "Муножот", "Танавор", "Мўғулчаи сегоҳ", "Қоракўзим", "Гулузорим", "Савти мискин" ва билан мумтоз рақслари машҳур. "Шашмақом" телефильмида қатнашган (1972), "Танавор" рақс ансамбли (Сиетл, АҚШ)да ўзбек рақсларини саҳналаштирган.
Дўстмуҳамедова ижодига бағишлаб "Нафосат гулдастаси" номли фильм ишланган (1985). "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланган (2000).