Поиск
RUUZ

Общество

Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади

Давлат раҳбари ёшларга жамиятда муносиб ўринни эгаллашлари учун янгиланган Конституцияда беқиёс имкониятлар кутаётганлигини таъкидлади.

315views0replies
0

UzNews.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшларига табрик йўллади. Табрик президент Матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
"Сизлар орзиқиб кутган 25 май санасида мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабларда “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қарийб 392 минг нафар ёшларимиз қадрдон мактаблари, меҳрибон устозлари билан хайрлашмоқда. Айниқса, 12 мингдан ортиқ битирувчиларимиз ўқишни олтин, 2 мингдан зиёди кумуш медаль билан якунлаётгани байрам шукуҳини янада оширмоқда.
Ҳозирги вақтда юртимизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим мактаблари, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари билан бирга кўплаб нодавлат, давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият юритмоқда.
Биргина ўтган йили 3,2 триллион сўм маблағ ҳисобидан 807 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу йил эса ўрта таълим масканларига 40 минг дона замонавий компьютерлар, 442 та комплект робототехника жиҳозлари ва бошқа зарур ашёлар етказиб берилди.
Сизларни замонавий таълим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашингиз учун янгиланган Конституциямизда белгиланган беқиёс имкониятлар кутмоқда.
Сизларнинг жамиятда муносиб ўрнингизни эгаллашингиз учун жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, маҳалла жамоатчилиги ҳам яқин кўмакчи ва маслаҳатчи бўлади. Бундай эзгу мақсад йўлида уларнинг эшиклари доимо сизлар учун очиқдир.
Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг!
Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта келгусида катта муваффақиятларга эришасиз", —дейилади президент табригида.
315views0replies
0

Комментарии